Ўзбекистон Президенти Ливан Президентига ҳамдардлик билдирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ливан Республикаси пойтахти Байрут бандаргоҳида юз берган кучли портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан мамлакат Президенти Мишель Аунга ҳамдардлик билдирди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг маълумотига кўра, давлатимиз раҳбари Ливан халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдирди.
“Дунё” АА аввал хабар қилганидек, Байрут бандаргоҳида содир бўлган кучли портлаш натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, 4 мингга яқин киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Омборхоналарда сақланаётган 2 минг 700 тонна аммиакли селитранинг портлаши оқибатида Байрут бандаргоҳининг асосий қисми вайрон бўлган ва шаҳарнинг катта қисмидаги биноларга зарар етказилган. Кўп одамлар шиша парчалари билан яраланган.
Сейсмологларнинг таъкидлашича, портлаш Рихтер шкаласи бўйича 4,5 магнитудали зилзила кучига тенг бўлган.