Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги трансчегаравий сувлардан фойдаланиш ва иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Жаҳон банки вакилларининг видеоконференция шаклидаги мулоқоти бўлиб ўтди.Унда трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда Жаҳон банкининг Марказий Осиё учун сув ва энергетика дастури (CAWEP) менежери Уилям Янг ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этди.
Анжуман қатнашчилари сув ва иқлим соҳасида минтақавий ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал механизмларини кучайтириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, сув таъминоти, одамларнинг ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга оид инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, ҳуқуқий ва институционал механизмларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда Ўзбекистон ва банкнинг ўзаро муносабатлари истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.
Жаҳон банки экспертлари сув-энергетика соҳасида давлатлараро ҳамкорлик яхшиланаётгани, хусусан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида етакчилигидаги прагматик ташқи сиёсат йўналиши билан боғлиқлигини таъкидлади.
Учрашув якунига кўра маслаҳатлашувларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.