Россия Федерациясининг йирик иш берувчилари Ўзбекистонга келди
Россия Федерациясининг Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Денис Мишченко бошчилигида «Renaissance Heavy Industries» ва «Yamata Yatirim İnşaat Turizm ve Ticaret Anonim Şirketi» компаниялари вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги манбасига асосланиб.
Делегация аъзолари билан Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида учрашувлар ўтказилди.
Тадбирларда пандемия шароитида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларга касб ва тил ўргатиш каби масалалар муҳокама этилди.
Делегация аъзолари мулоқот давомида пандемиядан кейин меҳнат бозорини тиклаш, эпидемиологик вазиятда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари хавфсизлигини таъминлаш, уларни тартибли, манзилли ва ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш ҳамда ишчилар учун зарурий меҳнат шароитлари яратилиб, бунинг учун иш берувчи ташкилот кафил бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Икки томонлама музокараларда йил якунига қадар 4 минг 200 нафар фуқарони йирик қурилиш объектларига ишга жалб қилиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, транспорт, ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, иш ҳақи ва бошқа масалалар бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Тошкент шаҳридаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти билан танишди.