Туркий кенгашга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш соҳаси экспертларининг видеоанжуман шаклидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Соғлиқни сақлаш бўйича мувофиқлаштирувчи қўмитаси фаолияти доирасида бугун ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг экспертлар даражасидаги навбатдаги видеоанжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дунёда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳамон жиддийлигича қолмоқда. Халқаро ҳамжамият унга қарши самарали кураш чораларини қўллашда уйғун ва миллий ҳаракатларни амалга ошириш, илғор тажрибани оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратяпти. Бу каби интилишлар ҳақида сўз борганда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари видео-саммитида тажриба алмашинувларни кенг йўлга қўйиш мақсадида ташкилотга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг видеоконференция шаклидаги мулоқотларини ўтказишни таклиф қилган эди.
Таклиф доирасида 28 апрель куни ана шундай илк йиғилишнинг ўтказилиши хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, диагностика, даволаш, эпидемиологик ҳолатни ўрганиш бўйича маълумот ва илғор тажриба алмашишга имкон берган эди.
Бугунги мулоқот ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Венгрия соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ вакиллари иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “International Health Services Inc.” компанияси Бош директори Меҳмет Али Киликая компания ва унинг хизматлари ҳақида кенг қамровли тақдимот ўтказди, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш механизми бўйича савол-жавоблар ташкил қилинди.
Видеомулоқотда юқумли касалликларни даволаш ва олдини олишнинг илғор усуллари, келгусида ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш ишларини кучайтириш чоралари муҳокама қилинди.
Ташкилотга аъзо давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги инвестиция эҳтиёжлари ўрганилди, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонларни сотиб олиш ва шифохоналарни бошқариш юзасидан иштирокчи томонлар фикрлари тингланди.
Тадбир якунида тақдим этилган таклифлар асосида мувофиқлашган ҳаракатларни ишлаб чиқишнинг амалий жиҳатлари белгилаб олинди.