Сенаторлар «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунни маъқуллади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг видеоконференция шаклида бўлиб ўтаётган навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни маъқулладилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда ушбу қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати бугунги кунда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш масалаларига доир аниқ қоидалар тартибга солинмаганлиги ҳамда вояга етмаганларнинг савдосига қарши курашишни ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан, идентификация қилиш, ёрдам бериш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий мақоми белгиланмаганлиги билан изоҳланди.
Янги таҳрирдаги қонунда ана шу жиҳатлар эътиборга олинган. Жумладан, соҳага оид асосий тушунчалар ва тамойиллар, уни давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар, ваколатли давлат органлари, Миллий комиссия, худудий комиссиялар ва Миллий маърузачига оид меъёрлар аниқ белгиланган.
Маълумки, ҳозирги кунда республикамизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатса, уларнинг 100 га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ очиб берилмоқда.
Шу билан бирга, амалдаги қонундан фарқли ўлароқ янги таҳрирдаги қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби ва уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлари ёритилмоқда.
Бундан ташқари, миллий конунчилигимизда илгари бўлмаган одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида бобда белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади.