Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ва Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги бош котибининг ўринбосари давлат хизматчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришнинг аниқ йўналишларини муҳокама қилди
Бугун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги бош котибининг ўринбосари Надзира бинти Осман билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Суҳбат чоғида Малайзия техник ҳамкорлик дастури (МТҲД) доирасидаги шерикликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Малайзия томони Ўзбекистон раҳбариятининг республикада минтақавий таълим марказини ташкил этиш бўйича ташаббусини юқори баҳолади, шунингдек, Ўзбекистон томонининг икки мамлакат университетлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Малайзия университетлари билан алоқаларни кенгайтиришда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик билдирилди.
Надзира бинти Осман, шунингдек, Ўзбекистон давлат хизматчиларини Малайзияда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Ушбу йўналишда Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги бош котибининг ўринбосари МТҲД доирасида Ўзбекистонда давлат ва давлат бошқаруви, туризм, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, АКТ ва бошқа соҳаларда мутахассислар тайёрлашда техник ёрдамни кенгайтириш имконияти мавжудлигини таъкидлади.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда, МТҲД курслари бугунги кунда долзарб бўлиб турган масалалар ва тармоқлар, шу жумладан соғлиқни сақлаш соҳаси ҳамда юқумли касалликларга қарши курашишда илғор хорижий тажрибани Малайзия мисолида ўрганишга йўналтирилиши таъкидланди. Шу муносабат билан ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу соҳалардаги малака ошириш курсларида қатнашиш имкониятини ўрганиб чиқиш таклиф қилинди.
Томонлар пандемия давридан сўнг МТҲДнинг давлат ва жамоат бошқарувини такомиллаштириш, сармояларни жалб қилиш, соғлиқни сақлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, банк тизими, исломий молия, қишлоқ хўжалиги ва инвестицияларни жалб қилиш стратегиялари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириш, туризм ва фавқулодда вазиятларни бошқаришга йўналтирилган ўқув курсларида Ўзбекистон вакилларига квоталарни кўпайтириш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олди. Техник ёрдам дастури доирасида машғулотларни малайзиялик мутахассислар ва экспертларни жалб қилган ҳолда онлайн семинарлар, тренинглар ва мастер-классларни ташкил этиш орқали ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.