Тошкент давлат юридик университети Халқаро университетлар уюшмасига аъзо бўлди
Тошкент давлат юридик университети Халқаро университетлар уюшмаси — «Observatory Magna Charta Universitatum»га аъзо бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири университет манбасига асосланиб.
Мазкур нуфузли тузилма 1988 йил Италияда ташкил қилинган бўлиб, бугунги кунда 88 мамлакатдаги 904 етакчи университетни бирлаштирган. Унинг асосий мақсади аъзо университетлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишдан иборат.
Халқаро университетлар уюшмасига аъзолик юртимизда юридик таълим сифатини ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади. Уюшма таркибидаги фаолият Тошкент давлат юридик университетининг илмий ва педагогик жамоасига жаҳондаги илғор тажрибаларини ўрганиш, инновацион ишланмалар яратиш, таълим дастурларини такомиллаштириш имконини беради. Бу эса пировард натижада университетнинг халқаро рейтинглардаги позициясини яхшилашга хизмат қилади.
Уюшма ўз аъзоларига таълим жараёнини такомиллаштириш борасида консультатив ёрдам кўрсатади ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлиги доирасидаги турли лойиҳаларни амалга оширади.