Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Нагоя шаҳрининг мэри билан истиқболдаги келгуси режалар бўйича фикр алмашди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов жума куни Нагоя шаҳрининг (Япония) мэри Такаси Кавамура билан видеомулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Видеомулоқот давомида ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Нагоя шаҳрига амалга оширилган ташрифи чоғида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан конструктив фикр алмашилди.
Музокаралар чоғида иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, мутахассислар алмашиш, ҳаво парвозларини фаоллаштириш, шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашдаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.
Мулоқот чоғида Т.Кавамура “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Нагояга амалга оширилган ташрифи шаҳар тарихидаги мисли кўрилмаган воқеа бўлди", деб таъкидлади ва ташриф давомида эришилган келишувларни амалга оширишга қатъий содиқлигини билдирди.
Ўзбекистон томони Нагоя маъмуриятига Япония аҳолиси орасида Ўзбекистонни, жумладан, Тошкентни тарғиб қилиш борасидаги саъй - ҳаракатлари, хусусан, қатор радио ва теледастурлар туркумлари ташкил этгани, маҳаллий газета, журналлар ва Нагоя шаҳрининг расмий сайтида Ўзбекистон, Тошкент ва Ўзбекистон-Япония муносабатлари ҳақида мақолалар эълон қилгани учун миннатдорчилик билдирди.
Доимий дўстона алоқаларни йўлга қўйган Тошкент ва Нагоя ўртасидаги биродарлик алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, Нагояда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатхонасини очиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ваколатхонанинг очилиши иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, тўғридан-тўғри рейсларни кўпайтириш орқали икки шаҳар ўртасида сайёҳлик оқимини ошириш, тажриба алмашиш, технологиялар ва юқори малакали мутахассислар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг қўшимча воситасига айланади.
Шунингдек, Нагоя шаҳри билан маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик доирасида юқори даражадаги қўшма тадбирлар ўтказилишига тайёргарлик кўриш ҳамда ўзбек ва япон тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш учун мўлжалланган алоҳида бизнес-форум ташкил этиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Маълумот учун: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Нагоя шаҳри мэрияси билан биргаликда шу йилнинг кузида Тошкентда “Нагоя кунлари” ва Нагояда “Тошкент кунлари” тадбирини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Тадбир давомида Аити префектурасида “Роуд-шоу”, шу жумладан Нагоя шаҳрида ёшлар фестивали, ёш тадбиркорлар форуми, гравюра ва рассомлик усталари кўргазмалари, шунингдек, ҳар икки мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти ва анъанавий маданиятини оммалаштиришга қаратилган бошқа қўшма тадбирлар ташкил этилади.
Коронавирус пандемиясига қарши курашда Нагоя шаҳри тажрибасини жорий этиш имкониятлари алоҳида кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда шаҳарда ривожланган ва барқарор соғлиқни сақлаш тизими ҳамда юқори малакали тиббиёт ходимларининг мавжудлиги туфайли инфекциянинг паст даражада тарқалиши кузатилмоқда. Томонлар Тошкент тиббиёт академияси ва Нагоя университети ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида кадрларни тайёрлашга оид ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро келишиб, бу борадаги келгусидаги амалий ҳаракатларни белгилаб олди.
Музокаралар чоғида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бир қатор алоҳида масалалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳрида юқори технологияли IT-паркни яратиш борасидаги ишларнинг бориши ва ушбу ташаббус ижросини жадаллаштириш бўйича устувор чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, инвестициявий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини максимал даражада ошириш зарурлиги қайд этилди ва бу борада томонлар илгари келишилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билан алмашди. Томонлар “Mitsubishi Electric” компаниясининг Ўзбекистонда йўловчи лифтларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишдаги ютуқларни мамнуният билан эътироф этди.
Видеомулоқот якунида эпидемиологик вазият барқарорлашиши билан Ўзбекистон ва Япония тадбиркорларидан иборат бизнес делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.