Сума Чакрабарти Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини юксак баҳолади
Озарбайжоннинг «Trend az» ахборот агентлигида EТТБнинг собиқ президенти Сума Чакрабарти билан суҳбат эълон қилинди. С.Чакрабарти интервьюда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам тўхталиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни эътироф этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти жуда яхши ривожланмоқда. Мамлакатда йилига беш фоиздан олти фоизгача ўсиш кузатиляпти. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган иқтисодий ислоҳотлар туфайли”, деб таъкидлайди Хорижий мамлакатларнинг ривожланиш институти васийлик кенгаши раиси, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти Сума Чакрабарти.
«Ушбу ислоҳотлар сармоявий муҳитни яхшилаш, валюталар, нархлар ва савдони эркинлаштириш, солиқ ставкаларини пасайтириш ва мажбурий меҳнатдан воз кечишни ўз ичига олади. Ушбу ёндашув "The Economist" журнали томонидан Ўзбекистоннинг 2019 йилда ҳақли равишда “Йил мамлакати”, деб эътироф этилишини таъминлади. Иқтисодий ўсиш ҳукуматга ўз даромадларидан саноатда ҳам, хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам инвестицияларни ошириш учун фойдаланишга имкон берди», дея қайд этган С.Чакрабарти.
ЕТТБ собиқ президентининг сўзларига кўра, барча мустақил баҳолар (масалан, Жаҳон банки) Ўзбекистоннинг бизнес секторида шаффофлик таъминланаётганини кўрсатмоқда.
Унинг таъкидлашича, Жаҳон банкининг «Иш юритиш қулайлиги» рейтинги сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон сўнгги ўн икки ойда ишбилармонлик муҳити энг яхшиланган йигирмата мамлакат қаторига киритилган.
«Ўзбекистон инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, солиқларни тўлаш тартибини соддалаштиришга, савдодаги тарифсиз тўсиқларни камайтиришга, шунингдек, шартномалар бажарилишини сезиларли даражада енгиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон 2011 йилда Жаҳон банки рейтингида 166-ўринни эгаллади. 2019 йилга келиб эса Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 69-ўрингача кўтарилди», дейди С.Чакрабарти.
Шунингдек, у Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га кириш бўйича музокаралари қайта бошланганидан мамнунлигини билдирди.
«Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш жараёни қайта бошлангани жуда яхши янгилик. Аъзоликка эришиш учун ҳали кўп иш қилиниши керак. Ўзбекистон ушбу устувор йўлда АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония ва Жанубий Корея билан ҳамкорлик қилмоқда», деди С.Чакрабарти.
Шунингдек, у ЖСТга аъзо бўлиш жараёни келгусидаги иқтисодий ислоҳотларнинг катализатори бўлиши мумкинлигини ва ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон жаҳон бозорларининг 95 фоизига киришига имкон беришини таъкидлади.
«Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш учун қўшнилари, Қозоғистон ва Қирғизистон тажрибасига таяниб, харажатлар ва имтиёзларни синчковлик билан кўриб чиқиши керак», дейди у.
Сума Чакрабарти ЕТТБ президенти сифатида 2012 йил июлидан 2020 йил июлгача ишлаган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдаги хизматлари» учун Сума Чакрабартини 2020 йилнинг 14 июнида «Дўстлик» ордени билан мукофотлади.
2020 йилнинг 2 июлида Хорижий мамлакатларнинг ривожланиш институти С.Чакрабартини васийлик кенгаши раиси этиб тайинланганини эълон қилди.