Франция компанияси Тошкентда сув ва оқова тизимини модернизация қилишда иштирок этади
1858 йилда ташкил этилган SUEZ компаниялар гуруҳи шаҳар сув таъминоти тизимларини бошқаришда дунёда етакчи ҳисобланади.
Ҳозирги кунда компания дунёнинг 5 та қитъасида, 110 давлатида фаолият юритади. Компаниянинг 2019 йилги умумий даромади 18 миллиард еврони ташкил қилди. Франция компанияси сувни бошқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва қайта тикланадиган энергия манбалари учун ноёб инновацион технологияларни ишлаб чиқмоқда. Ақлли шаҳарлар орқали муниципалитетлар ва тармоқларнинг ресурсларини бошқаришни оптималлаштириш, уларнинг экологик ҳамда иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш компаниянинг асосий фаолият турларидан.
«Дунё» АА мухбири «SUEZ» компаниясининг халқаро ривожлантириш бўйича директори Эрик Гибали билан Ўзбекистондаги ҳамкорлик ҳақида суҳбатлашди, ишбилармонлик алоқалари шартлари ва истиқболлари билан қизиқди.
– Ўзбекистонда улкан иқтисодий ўзгаришлар юз бермоқда. Шубҳасиз, буни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги "иқтисодий инқилоб" деб аташ мумкин. У шахсан кенг ислоҳотлар дастурини амалга ошириш орқали тараққиёт ва фуқаролар ҳаётини яхшилашга туртки берган.
Таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар жадал кечмоқда. Шубҳасиз айтишим мумкинки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг минтақавий марказига айланмоқда.
Мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Кўплаб хорижий компаниялар аллақачон Ўзбекистон улкан имкониятларга эга эканини англаб етишди. Шунинг учун уларнинг барчаси " мустаҳкам жой эгаллаш", мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва модернизация қилишда қатнашиш учун Тошкентга шошилишмоқда.
Ўзбекистон билан яқин алоқаларимиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойида Францияга ташрифидан сўнг бошланди. Ҳамкорлигимиз учун катта иқтисодий истиқболларни кўриб турибмиз ва Ўзбекистонни халқаро миқёсдаги фаолиятимизни кенгайтиришнинг устувор йўналишларидан бири деб биламиз. SUEZнинг энг тажрибали ва малакали мутахассислари республикага юборилади ва умид қиламанки, биз сезиларли ютуқларга эришамиз.
Ўзбекистонни, хусусан, жадал ривожланаётган пойтахт Тошкентни ва афсонавий Самарқандни Марказий Осиё минтақасида бизнесимизни ривожлантиришнинг бошланғич нуқтасига айлантирмоқчимиз.
Яқинда Тошкент ҳокимияти ва Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан SUEZ компанияси ўртасида шаҳарнинг сув таъминоти тизимини модернизация қилиш ва яхшилаш учун 142 миллион евро миқдорида шартнома имзоланди.
Ушбу улкан лойиҳа шаҳар сув таъминоти ва оқова тармоқларини модернизация қилишни, шунингдек, ушбу тармоқларни бошқариш ва "Тошкент шаҳар сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда халқаро стандартларга мувофиқ равишда оптималлаштиришни кўзда тутади.
Шартнома сувни бошқариш бўйича ақлли ечимларни амалга оширишни, шунингдек, ходимларни ўқитишни ўз ичига олади. Ушбу шериклик биргаликда бошқаришнинг инновацион ёндашувига ва асосий фаолият кўрсаткичларининг самарали мониторингига асосланган.
Ичимлик сувига ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш ва уни Тошкент аҳолисига узлуксиз етказиб бериш учун стратегик ҳаракатлар режасини ишлаб чиқамиз. Тошкент шаҳридаги сув таъминотини ўзгартириш режаси сув оқишини аниқлаш ва таъмирлашнинг илғор техникасини қўллаш, сув тармоғини реал вақт режимида мониторинг қилиш орқали сув йўқотилишини камайтиришга ёрдам беради.
Ишончим комилки, Ўзбекистонда сув хўжалигини модернизация қилиш бўйича ушбу синов лойиҳа келажакда Марказий Осиёнинг марваридига айланади.