Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари белгиланди
14 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда туман (шаҳар)ларда хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда туман (шаҳар)ларда хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Унга кўра, хотин-қизлар кенгашлари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш хотин-қизлар кенгашларининг асосий вазифаларидан биридир.
Хотин-қизлар кенгашлари туман (шаҳар)ларда 15-25 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 30-40 нафар аъзодан иборат бўлади.
Хотин-қизлар кенгашларининг таркиби ҳар уч йилда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари томонидан тасдиқланади.
Вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида хотин-қизлар кенгашларига раислик қилади.
Хотин-қизлар кенгашларининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари Президентнинг ПФ–5938-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган.