Наманган ва Свердловск вилоятлари туризм соҳасида ҳамкорлик қилади

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Наманган вилояти бошқармаси ҳамда Россия Федерациясининг Свердловск вилояти Туризмни ривожлантириш маркази ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири вилоят ҳокимлиги манбасига асосланиб.
Меморандумга кўра, икки вилоят ўртасида туризм соҳасида ахборот ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, туризм секторига ўзаро инвестицияларни жалб этиш вазифалари белгиланган.
Бундан ташқари ҳамкорлик доирасида туризм маҳсулотлари тарғиботи ва маркетингини амалга ошириш ҳамда кадрлар тайёрлашда ўқув-семинарлари ташкил этилади.
Белгиланган мақсадларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиши кутилмоқда.