Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ташқи ишлар вазирлигига Самарқанд форумини ташкил этиш, ўтказиш ва тарғиб этишдаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил 12-13 август кунлари «Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми юқори савияда ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Форум тафсилотлари миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан катта қизиқиш билан ёритилгани анжуманнинг нуфузи нақадар баланд бўлгинидан далолат беради. Шунингдек, хорижий давлатлар сиёсий ва академик доиралари вакиллари, таниқли экспертлар, нуфузли халқаро ташкилотлар намоёндалари форум тафсилотлари ва натижалари ҳақида ижобий фикр-мулоҳазалар билдирди.
Муҳим халқаро тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш жарёнларини ўз вақтида ёритиш ва тарғиб этишда Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг чет давлатлардаги ваколатхоналари ва «Дунё» ахборот агентлиги фаол иштирок этди.
Бу фикрлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов томонидан Ташқи ишлар вазирлигига йўлланган миннатдорлик хатида қайд этилган.
Миллий марказ раҳбари ўз хатида, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форумини юксак даражада ташкил этиш ва ўтказиш «Дунё» ахборот агентлиги томонидан тезкорлик, ошкоралик ва холислик принциплари асосида ёритилганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд форумининг асосий миллий ташкилотчиси Ўзбекистон ҳукумати ҳисобланади. Халқаро анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юклатилди.
Форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда ушбу Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт фонди каби халқаро шериклар билан ҳамкорликда ўтказилди.
Самарқанд веб-форуми иштирокчиларининг жами сони 1000 нафардан ортиқ кишини ташкил этди.
Анжуман якунида "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.
Резолюцияда бутун дунё ёшларига уларнинг жамият ҳаётида тўла, самарали ва таъсирчан иштирокини таъминлаш учун реал имкониятлар берадиган стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш юзасидан давлатларга мурожаат қилинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчилари ўзлари қабул қилган якуний ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини қабул қилишга доир таклифини қўллаб-қувватлаган. Уларнинг фикрича, бундай амалий қадам ёшларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришда муҳим ўрин тутади.