“Berliner Telegraph”: инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида Германия делегацияси иштирок этди
Германиянинг "Berliner Telegraph" нашрида якунига етган Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форумига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Материалда таъкидланганидек, ушбу форум онлайн шаклда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ, ЕХҲТ, Фридрих Эберт номидаги фонд кўмагида ташкил этилди. Унда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, хорижий мамлакатларнинг давлат органлари, халқаро ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари, ёшлар тузилмаларининг 1 мингдан зиёд вакиллари иштирок этди.
Нашр Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини алоҳида қайд этади. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам делегатларга ўз мурожаатини етказганини айтиб ўтади.
Материалда қайд этилишича, форум ишида бошқа мамлакатлар қатори Германия вакиллари ҳам иштирок этди. Хусусан, Германия ҳукуматининг Россия, Марказий Осиё ва Шарқий шериклик мамлакатлари билан ижтимоий алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси, Бундестаг депутати Дирк Виз, Фридрих Эберт номидаги фонд бошқаруви аъзоси, собиқ Адлия вазири профессор Херта Дойблер- Гмелин, Бундестаг илмий хизматининг Халқаро муносабатлар, халқаро ҳуқуқ, иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш, мудофаа, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ёрдам бўлими илмий мутахассиси Инго Розе, шунингдек, Германиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси ва Мюнхен шарқшунослик институти (ХОР) масъул вакиллари шулар жумласидан.
“2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасининг муҳокама қилиниши форумнинг муҳим воқеаларидан бири бўлган эди. Замонавий дунёда тан олиниши учун зарур бўлган ёшларнинг ҳуқуқларини акс эттирувчи ушбу даражадаги халқаро ҳужжат ҳали мавжуд эмас. Бу ёшлар салоҳиятини баҳолашга имкон беради ва улардан оқилона фойдаланиш кўплаб соҳаларда янада ривожланишига ёрдам беради”, дейилади мақолада.
Форум доирасида 15 мамлакатдан 40 нафар халқаро маърузачи ва 10 та миллий маърузачи кун тартибининг тўртта асосий йўналишлари бўйича ўз фикрлари, баҳолари ва таклифларини тақдим этди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми якунида резолюция қабул қилинди, деб ёзади немис нашри мақола якунида.
Шуни таъкидлаш жоиз, "Berliner Telegraph" журнали немис ва рус тилларида нашр этилади. Адади 30 минг нусхани, муштарийлар сони эса 100 мингдан ошади. Журнал Германияда, шунингдек Чехия, Польша ва Европанинг бошқа мамлакатларида тарқатилади. Нашр кенг китобхонлар учун мўлжалланган бўлиб, Берлиндаги хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, Германиядаги ишбилармон доиралар вакиллари томонидан қизиқиш билан мутолаа қилинади.