Туула Юрьёля: Ўзбекистон ўз вақтида ташаббус кўрсатди ва муҳим мавзуни муҳокама қилиш учун халқаро ҳамжамиятни бирлаштирди
Жорий йилнинг 12-13 август кунлари “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми бўлиб ўтди. «Дунё» АА мухбири ушбу тадбирда иштирок этган ЕХҲТнинг низоларнинг олдини олиш маркази директори, ЕХҲТ Бош котиби вазифасини бажарувчи, элчи Туула Юрьёля билан суҳбатлашди.
– Юрьёля хоним, ўтган ҳафта сиз ёшлар масалаларига бағишланган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми очилишида нутқ сўзладингиз. Форум ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Форум иштирокчиларини Интернет орқали бўлса-да, қарши олиш ёқимли бўлди. Финляндиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси сифатида мамлакатингизда бўлганман. Шуни айтишим мумкинки, Самарқандда бўлиш ва унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишни яна истардим.
Иштирокчилар савияси, кўлами ва сони мени ҳайратга солди. Форум турли мамлакатлар ва ташкилотлардан энг яхши тажриба ва билимларни баҳам кўриш учун иштирокчиларни жалб қилиш имконини берди.
Форумдаги иштирокимдан айтишим мумкинки, кун тартибида кўтарилган масалалар дунё миқёсида тобора глобал характерга эга бўлиб бормоқда, қамровли хавфсизлик учун ёш йигит ва хотин-қизларни жалб қилиш зарурати туғилмоқда.
Мен ушбу ташаббус, шунингдек, Ўзбекистон ва ташкилотчиларни форумнинг турли авлод вакилларини бирлаштирган кенг қамровли тадбирга айлантиришгани ва халқаро ҳамжамиятни ушбу муҳим мавзуда муваффақиятли бирлаштиришгани билан қутлайман. Онлайн учрашув пандемия шароитида ҳам қийинчиликларни имкониятларга айлантириш мумкинлигини намойиш этди.
– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳозирги кунда Самарқанд резолюцияси устида ишламоқда. Форум натижалари ҳақида қандай фикрдасиз?
– Энг муҳими, форум ушбу мавзу бўйича дунё хабардорлигини оширди ва иштирокчиларга хавфсизликнинг барча жиҳатларида ёшларнинг ўрни доим тан олинишини намойиш этувчи энг яхши тажрибалар билан ўртоқлашиш имконини берди. Ёшларни ушбу жараёнларга жалб қилиш уларнинг шунчаки иштирокчи мақомини англатмайди, балки тинчлик ва хавфсизлик кафолатидир.
Ўзбекистоннинг ҳар икки йилда бир бор анъанавий тарзда Инсон ҳуқуқлари бўйича форумни ўтказишни режалаштиргани ва навбатдаги форумни 2022 йилда ўтказиш ҳақида маълум қилганидан мамнунман ва унда бевосита иштирок этишни истардим.
Самарқанд резолюцияси ушбу тадбир руҳини акс эттирувчи, ёшлар ва халқаро ташкилотлар тавсияларини ўз ичига олган муҳим ҳужжатдир. Тадбирда, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси ва Ўзбекистоннинг ушбу Конвенцияни илгари суришдаги роли муҳокама қилинди.
– ЕХҲТнинг Ўзбекистон ёшлар дастурини қўллаб-қувватлашни давом эттириш истиқболлари ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси фаолияти туфайли қатор лойиҳалар амалга оширилиб, мамлакат ёшлари кун тартиби қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, Тошкент шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорликда 2020 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда биринчи бўлиб ЕХҲТ Модели ташкил этилмоқда. Ушбу тадбир келажакда қарор қабул қилувчиларга кўп томонлама ва халқаро музокаралар қандай ишлашини тушунишга имкон беради.
Мувофиқлаштирувчи идора ёшларнинг рақамли ва ахборот технологиялари бўйича ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди. 2021 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан биргаликда ёшлар ҳуқуқлари бўйича электрон курсни ишлаб чиқиш бўйича янги ташаббусни бошлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси “IT Park Uzbekistan” ахборот технологиялари парки ва Ўзбекистондаги ишбилармон аёллар уюшмаси билан ҳамкорликда ўзини-ўзи иш билан таъминлаётган ёш хотин-қизлар ва тадбиркор аёлларнинг ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри харидорларга сотиш учун рақамли платформани яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширмоқда. Улар ЕХҲТ мажбуриятларига мувофиқ ва Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман билан биргаликда ЕХҲТ минтақасидаги бошқа давлатлар учун билим ва илғор тажрибани тақдим этадиган жиноятларнинг олдини олиш миллий стратегиясини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайдилар.
Шуни айтишим мумкинки, ЕХҲТ Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр. Имзоланган "Йўл харитаси" фаолиятимиз учун қўлланма бўлиб хизмат қилади.
ЕХҲТ ёшларга нисбатан мажбуриятлар бўйича етарли тажрибага эга ва ташкилотга аъзо давлатлар хавфсизликнинг ҳар уч йўналиши бўйича ЕХҲТ мажбуриятларини бажаришда, шунингдек, тинчлик, ҳамжиҳатлик, адолат, ишонч ва ярашишни қўллаб-қувватлашда ёшлар ролини эътироф этишган.
Ёшларни жалб қилишни доимий равишда рағбатлантириш кенг қамровли хавфсизликни таъминлайди, бу ЕХҲТнинг асосий мақсадидир. Биз бу борада Ўзбекистон ва бошқа барча иштирокчи давлатлар билан биргаликда ишлашдан мамнунмиз.