Одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ахборот ошкор этилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Қонунга кўра, одам савдосидан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида идентификация амалга оширилади.
Шунингдек, Қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби белгиланиб, улар, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
– ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;
– вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитария-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлашни;
– ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;
– ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларни излашда ёрдам кўрсатишни.
Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ҳамда уларга нисбатан содир этилган ҳолатлар ҳақидаги ахборот, кўрилган хавфсизлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги белгиланди.
Қонун расман эълон қилинган кундан 6 ой ўтгач кучга киради.