Марказий банк трансчегаравий пул ўтказмалари ҳақида маълумот берди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки жорий йилнинг январь-июль ойларида амалга оширилган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳақида маълумот берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Марказий банк манбасига кўра, Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 3 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 217 миллион долларга ёки 7 фоизга камайди.
Чет элга юборилган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори 516 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47 миллион долларга ёки 8 фоизга камайди.
Натижада трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо 2,5 миллиард долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 170 миллион долларга (ёки 6 фоизга) камайди.