Ўзбекистон элчиси Озарбайжон Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Ўзбекистон Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Баҳром Ашрафхонов бугун Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.
Расмий маросимдан кейин бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, алоқа ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Озарбайжон раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги деярли барча соҳалар ва йўналишларни қамраб олган муносабатлар изчил ва жадал ривожланиб бораётганини юқори баҳолади. Буларнинг барчаси учун олий даражадаги яқин ва ишончли мулоқот ўрнатилганини таъкидлади.
Томонлар икки томонлама кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.