Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми натижалари юзасидан матбуот анжумани ташкил қилинди
Жорий йилнинг 12-13 август кунлари "Ёшлар 2020: Глобал ҳамжиҳатлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари" мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми бўлиб ўтди. Йирик халқаро анжуман минтақа ёшларига ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш ва давлатлар вакилларининг улар фикрларини тинглашларига имконият яратди, халқаро миқёсда ёшлар ташаббус ва интилишларини рўёбга чиқариш, улар манфаатини ҳимоя қилишининг умумэътироф этилган механизмларини муҳокама қилиш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми аҳамияти ва кўлами яна бир бор қайд этилди, унинг натижалари ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий вакили Ашита Миттал, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Жон МакГрегор, миллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда таъкидланганидек, тадбир ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда тарғиб қилишнинг халқаро ва минтақавий механизмларини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш имконини берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Самарқанд форуми БМТ томонидан 20 йил олдин эълон қилинган Халқаро ёшлар кунида ҳамда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш чақириғига жавобан, «БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» ташаббуси доирасида ўтказилди.
Форум пандемия туфайли илк бор ёшларга мос ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, онлайн шаклида ўтказилди.
Анжуманда А.Саидов сўзга чиқиб, форумда БМТ ва унинг дунёдаги тузилмалари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлардан олий даражадаги вакиллар иштирок этгани унинг шаклан ва мазмунан ўзига хос хусусиятига эга эканини англатишини қайд этди.
Самарқанд форуми 2 кун давомида 4 та ялпи сессияда ўз ишини давом эттирди. Очилиш маросимида 15 дан ортиқ халқаро универсал ва минтақавий ташкилотлари раҳбарлари, 10 та асосий маъруза ва 32 та қўшимча маъруза, жумладан, 9та ёшлар вакиллари фикрлари эшитилгани таъкидланди.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида дунёнинг 700 дан ортиқ ҳудудидан боғланган 1000 дан ортиқ иштирокчилар қатнашди. Форум ишида 15 та халқаро, 10 та минтақавий, 10 та халқаро ноҳукумат ташкилотлари, 20 дан ортиқ хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, 10 дан ортиқ мамлакат парламентлари ва ёшлар ишлари бўйича давлат органлари иштирок этди. 10 дан ортиқ мамлакатларнинг таълим ва тадқиқот институтлари, 15 дан зиёд мамлакат ёшлар ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 20 дан ортиқ дипломатик миссиялар вакиллари ҳам қатнашди”, деди А.Саидов.
Қайд этиш жоиз, форум 238 дан ортиқ маҳаллий ва 63 та хорижий оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, интернет ва ижтимоий тармоқларда мингдан зиёд ёритилди.
Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасининг муҳокама қилиниши тадбирнинг муҳим жиҳатларидан биридир. Матбуот анжуманида ушбу ҳужжат лойиҳаси муҳокамалари ҳақида ҳам маълумот тақдим этилди.
“Халқаро тадбир доирасида яна бир ташаббус – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси лойиҳасининг навбатдаги муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди. Мамнуният билан қайд этиш жоиз, конвенция лойиҳаси бўйича 156 та аниқ таклифлар тушди”, деди А.Саидов.
Форум арафасида “U–Report” лойиҳаси доирасида ёшлар ўртасида “Халқаро ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қандай бўлиши керак” номли сўров ўтказилган эди. Сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон бўйича 11 минг респондент унда қатнашган, шундан 37 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Қатнашчиларнинг 81 фоизи Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш зарурлигини билдиришган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Арзиев инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми халқаро миқёсда катта қизиқиш ва эътиборга сабаб бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Етакчи сиёсий арбоблар ва экспертлар, жумладан, Евро Парламентининг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича делегацияси вице-раиси Андрис Америкс, Венеция комиссияси раиси Жанни Букиккио, Буюк Британия Парламенти Лордлар палатаси аъзоси Жон Вейверли, Осиё Парламент Ассамблеяси котиби Муҳаммад Риза Мажидий, россиялик сиёсатчи, давлат арбоби ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, «Иқтисодиёт олий мактаби» профессори Михаил Федотов ва бошқалар Самарқанд форуми юқори даражада ташкил этилганини таъкидлаб ўтишди”, деди ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари.
Эътироф этилганидек, форум бўйича халқаро экспертлар фикрлари ижобий ва тадбир юқори даражада ташкил этилган.
Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий вакили Ашита Миттал ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Жон МакГрегор ўз чиқишларида форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўз вақтида ўтказилганини қайд этди. Унда илгари сурилган таклиф ва кўриб чиқилган масалалар халқаро тузилмалар мақсад ҳамда вазифаларига тўлиқ мос келишини таъкидлашди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро доирада эътироф этилаётганини мамнуният билан айтиб ўтишди.
“Ёшлар ишлари агентлиги ва Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламенти, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашнинг ташкил этилиши таҳсинга лойиқ”, деди А.Миттал. “Биз Ўзбекистоннинг ёшлар ҳуқуқлари борасидаги миллий ва халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлашда давом этамиз”.
Ўз навбатида, элчи Жон МакГрегор Ўзбекистондаги фаолияти давомида бу ерда амалга оширилган ислоҳот ва ўзгаришлар ташкилот вазифа ва мажбуриятларига мос келишини, бу борада ташкилотга аъзо ҳеч бир давлатда Ўзбекистондагидек кенг кўламли янгиланишлар кузатилмаганини билдирди.
Анжуманда маълум қилинишича, форум ишида ёшлар томонидан уч муҳим масалада – ёшлар таълим ҳуқуқлари ва улар тенглигини таъминлаш, пандемиянинг ёшлар ишсизлигига таъсирини юмшатиш каби долзарб муҳокамалар олиб борилди.
Тадбир сўнгида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.
Улуғбек Шоназаров,
Суратлар муаллифи Анвар Илёсов
“Дунё” АА