Ўзбекистон ва Канаданинг Алберта провинцияси кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов Алберта (Канада) провинциясининг Иқтисодий ривожланиш, савдо ва туризм вазирлиги Халқаро алоқалар департаменти директори Крис Райан билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Элчи мамлакатимизда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, нефть-газ ва тоғ-кон саноати, шунингдек, энергетика, таълим ва туризм каби соҳаларда Алберта провинцияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Крис Райан, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш ва улар экспорти устун экани нуқтаи назаридан Ўзбекистон ва Алберта иқтисодиёти тузилиши ўхшашлигини таъкидлади. Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларнинг истиқболли йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалиги, мол гўшти етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш, шунингдек, суғоришнинг замонавий технологияларини жорий этиш соҳаларига алоҳида эътибор қаратди.
Алберта ҳудуди мол гўшти ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, қорамоллар сони бўйича Канадада етакчи ҳисобланади. Крис Райаннинг сўзларига кўра, ушбу минтақа истеъмол бозорининг асосий ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади, шунингдек, жун ишлаб чиқариш ва қўзичоқ қўйларни кўпайтиришни юқори самара билан ташкил қилади. Бундан ташқари, Алберта Канаданинг асаларичилик бўйича етакчи провинцияси ҳисобланади.
Канада томони билан музокаралар жараёнида Алберта сармоядорларини Ўзбекистондаги газ конларини қидириш, қазиб олиш ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга жалб қилиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Крис Райан Алберта провинциясидан инвесторларни Ўзбекистоннинг нефть ва газ саноатига жалб қилишда, шу жумладан давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Унга кўра, Алберта Канададаги нефть, синтетика, табиий газ ва нефть маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.
Алберта провинцияси вакили таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.
Ўзаро манфаатлар мавжудлиги, шунингдек, биргаликда иш олиб бориш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, ушбу йўналиш маданий ва гуманитар алоқаларнинг истиқболли йўналишларидан бири экани қайд этилди.
Канада томони билан суҳбатда Алберта пойтахтининг Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришдаги иштироки муҳокама қилинди. Крис Райан провинциядаги компаниялар билан турли инфратузилма туристик объектларини яратиш, поездларни бошқариш ва туризм хизматларини тақдим этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Ташқи савдо вакилининг таъкидлашича, туризм Алберта саноатининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, ҳудуд иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшмоқда, йиллик ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 36 миллионни, туризмдан келиб тушадиган даромад эса 8 миллиард долларни ташкил этади.
Мулоқот чоғида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида Тошкент ва Эдмонтонни биродарлашган шаҳарлар, дея эълон қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Элчихонадан маълум қилинишича, Канада томони Ўзбекистон ишбилармон доираларининг Алберта шаҳрига ташрифини ташкил этиш ва вилоятнинг шаҳарларида бўлиш дастурини ишлаб чиқишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Савдо ва инвестиция соҳасидаги Ўзбекистон-Канада кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича доимий мулоқотларни олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.
Алберта Канаданинг ғарбий қисмида жойлашган. Жанубда Монтана штати билан чегарадош 10 та вилоятидан биридир. Пойтахти – Эдмонтон шаҳри, энг йирик шаҳри эса Калгари. Алберта ҳудуди ялпи ички маҳсулоти 247 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Нефть саноати ва қишлоқ хўжалиги, шунингдек, замонавий ахборот технологиялари соҳасида юқори салоҳиятга эга. Алберта провинцияси табиий газни экспорт қилиш бўйича дунёда иккинчи, уни ишлаб чиқариш бўйича эса тўртинчи ўринда туради.