Мамлакатимизда ҳудудий саноат кластерлари ташкил этилади
Шу кунларда, хусусан, Наманганда тўқимачилик, Навоийда қурилиш материаллари, Тошкент вилоятида фармацевтика, мамлакатимиз пойтахтида эса электроника ва мебель бўйича саноат кластерларини ташкил этиш масалалари ўрганиляпти, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси маълумотига асосланиб.
Ушбу ҳудудий кластерлар давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 12 август куни ҳудудларда саноатни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг 18 августдаги "Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида ҳам Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқовга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда саноат кластерларини ташкил этиш дастурини киритиш вазифаси топширилган эди.
Бу борада "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси томонидан "Электротехника саноати кластери" концепцияси устида изчил ишлар олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.