Наманганда Россия активларини бошқариш миллий фонди филиали ташкил этилди
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Россия активларини бошқариш миллий фонди президентининг Ташқи иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Абдуғаффор Қодиров билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Россия активларини бошқариш миллий фонди 1999 йилда таъсис этилган бўлиб, ижтимоий муҳим лойиҳа ва дастурларни молиялаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Наманган вилоятида ҳам фонднинг филиали ташкил этилди ва давлат рўйхатидан ўтказилди.
А.Қодировнинг билдиришича, фонд томонидан ҳудудга фойда олишни кўзламаган ҳолда маблағ жалб этилади ва ушбу маблағ биринчи галда уй-жой қурилиши учун йўналтирилади. Ҳар бир шаҳар-туманда барпо этилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар вилоятдаги уй-жойга муҳтож оилаларга узоқ муддатида, мақбул нархларда таклиф этилади.
Ушбу турар-жой мажмуаларида аҳоли учун савдо маркази, автотураргоҳ, болалар боғчаси, мактаб ва тиббиёт пункти каби муассасалар ҳам барпо этилади. Ҳозирги кунда мазкур объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган.
Маълумот учун, жорий йил август ойи охирида фонд раҳбарияти бошчилигидаги делегациянинг вилоятга ташрифи ҳамда молиялаштириш ишларининг бошланиши кўзда тутилган.