Жанубий Корея мутахассислари билан Фарғонада қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди
Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари М.Абдураҳмонов Жанубий Кореянинг «Daedong Industrial Co., Ltd.» компанияси президенти Ли Сонг Таэ билан онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Видеоконференция Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги масъул раҳбарлари иштирок этди.
Музокаралар давомида «Daedong Industrial Co., Ltd.» компанияси Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалик техникаларини биргаликда ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиш имкониятини пухта ўрганишни бошлаши ҳақида қарор қабул қилинди. Шу нуқтаи назардан, улар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, эҳтиёт қисмларни босқичма-босқич маҳаллийлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва ушбу соҳа учун кадрлар тайёрлаш орқали МДҲ бозорига киришга қизиқиш билдирдилар.
Жанубий Корея компанияси раҳбари лойиҳани Фарғона вилоятида кичик ва ўрта фермер хўжаликларининг асосий техникаси бўлган электр культиваторини маҳаллийлаштиришдан бошлашни таклиф қилди. Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган техник-иқтисодий асослар, инвестиция шартномаси, шунингдек, қўшма корхона тузиш шартлари тўғрисида келишувларни босқичма-босқич тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар давомида «Daedong Industrial Co., Ltd.» мутахассислари томонидан Фарғона вилоятида лойиҳани амалга оширишга тайёргарлик тўғрисида сўровнома ўтказиш ва амалий ишларни бошлаш учун тегишли маълумотларни тақдим этиш сўралди.
Мулоқот натижасида Жанубий Корея томонининг сўровномаси асосида тайёрланган маълумотларни муҳокама қилиш учун қўшма ишчи гуруҳини тузиш, шунингдек, август ойи охирида видеоконференцалоқа шаклида навбатдаги музокараларни ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.