Ўзбекистонда Литва-Польша қўшма корхонасини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди
Ўзбекистоннинг Латвия (бир вақтнинг ўзида Литвадаги дипломатик фаолиятни ҳам амалга оширади) ва Польшадаги элчихоналари Польшанинг “ZPK” компанияси раҳбари Казимеж Рупинский ҳамда Литванинг MIROLITA компания президенти Мирослав Кондратович иштирокида мамлакатимизда карьерлар фаолиятини ташкил қилиш ҳамда юқори сифатли қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда қўшма корхона ташкил этишга бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Мухсинхўжа Абдураҳмонов, шунингдек, Ўзбекистон экспортчилар уюшмасининг Сурхондарё вилояти вакили Алишер Шерматов иштирок этди.
Музокаралар чоғида салоҳиятли инвесторларга Ўзбекистонда қазиб олиш саноатига сармоя киритиш учун яратилган қулай шароит, меъёрий-ҳуқуқий база, Фарғона ҳамда Сурхондарё вилоятларидаги ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияларни олиш тартиби тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир давомида лойиҳани тўлиқ ҳажмда амалга ошириш, жумладан, нафақат хомашё қазиб олиш, балки мамлакат ичида харидоргир ва экспортбоп қўшимча қийматга эга қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ўз навбатида, Казимеж Рупинский юқори сифатли қурилиш молларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида кўп йиллик тажрибага эга эканини қайд этиб, Ўзбекистон билан карьерларни ривожлантириш соҳасида сармоявий ҳамкорлик истиқболларига қизиқиш билдирди.
Салоҳиятли инвестор қисқа муддатда ZPK ҳамда MIROLITA вакиллари дунёда эпидемиологик вазиятнинг яхшиланиши ҳамда мунтазам равишда авиаташувларнинг қайта тиклангач Ўзбекистонга ташрифни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Тадбирда Ўзбекистонда Литва-Польша инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, концептуал асосларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда қазиб олиш соҳасида солиқ маъмуриятчилиги ҳақидаги янгиликларни тезкор алмашишга келишиб олинди.