Сенат қўмитаси Халқаро меҳнат ташкилоти билан ижтимоий ҳимоя миллий стратегиясини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси Халқаро меҳнат ташкилоти мутасаддилари билан видеоконференцалоқа тарзида учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Сенат манбасига асосланиб.
Видеоконференцияда Халқаро меҳнат ташкилоти гуруҳи билан Олий Мажлис Сенати ўртасида Ижтимоий ҳимоя миллий стратегиясини тайёрлаш, қолаверса, Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя масалалари ҳамда парламентнинг бу борадаги ролига урғу берилди.
Учрашувда мамлакатимиз БМТ резолюциялари ва қарорларининг амалий ижроси, уларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келаётгани, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келиши таъкидланди.
Бундан ташқари, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқлаш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашни мувофиқлаштириш юзасидан ишлар тизимли йўлга қўйилган. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” каби дастурлар изчил амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, онлайн учрашувда пандемия шароитида халқ манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича парламентнинг самарали фаолиятига эътибор қаратилди. Хусусан, Сенат ялпи мажлислари ва қўмиталари мажлислари онлайн тарзда ўтказилди. Коронавирусга қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватловчи органлар ваколатларини кенгайтиришга қаратилган қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Сенаторлар ва депутатлар карантин вақтида қийин аҳволга тушган аҳолига фаол ёрдам кўрсатди. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тўхтаб қолмади.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг БМТ устав ва шартнома органлари тавсияларини изчил амалга ошириш борасида истиқболда ҳамкорликка тайёр экани билдирилди.