«Эл-юрт умиди» жамғармаси билан Франция нефть институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
«Эл-юрт умиди» жамғармасида Франция нефть институти (Institut Français du pétrole) вакиллари Кристина Траверс ва Мариа Агуилера билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири жамғарма матбуот хизмати манбасига таяниб.
Томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, хусусан, Францияга академик ташрифларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Жамғарма директори Адҳам Бекмуродов сўнгги йилларда
Ўзбекистон-Франция таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Франция университетлари билан таълим соҳасида узоқ муддатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, “IFP School”да магистратура, докторантура ва стажировка дастурлари бўйича жамғарма стипендиантларини ўқитиш, малакасини ошириш томонлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича меморандум имзоланди.