Ўзбекистон билан экспорт-импортни ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз — Саудия Арабистони тадбиркори
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси кўмагида мамлакатимизнинг йирик экспортчи компанияларидан бири “BMB Trade Group” вакиллари ҳамкор мамлакатнинг “Al Qusaire” компанияси раҳбари Абдулазиз Ал-Қусаир билан видеомулоқот шаклида учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Видеоконференцияда ўзбек миллий маҳсулотларини Саудия Арабистони бозорига олиб кириш ва ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Онлайн учрашувда ҳар икки томон ўз компаниялари ҳақида маълумот бериб ўтди. Хусусан, Абдулазиз Ал-Қусаир 2019 йил давомида бир неча бор Ўзбекистонга сафар қилгани, халқаро бизнес-форум ва кўргазмаларда қатнашгани, мамлакатимизнинг қатор масъуллари билан музокаралар олиб боргани, бунинг натижасида 550 миллион долларга тенг сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича меморандумлар имзоланганини таъкидлади.
— Ўзбекистонни илиқ фикр ва унутилмас таассуротлар билан ёдга оламан, — деди Абдулазиз Ал-Қусаир. – Юртингизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолайман. Ўзбекистон билан савдо алоқаларини йўлга қўйиш икки мамлакат учун бирдек фойдали ва манфаатли. Шунингдек, “BMB Trade Group” билан экспорт-импорт соҳаларини ривожлантиришга, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик ўрнатишга тайёрмиз.
Музокара давомида “Al Qusaire” компанияси раҳбари Саудия Арабистони бозорида Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига қизиқиш юқори эканини алоҳида таъкидлади. Ҳамкорлик аввалида майиз, туршак, бодом, ерёнғоқ каби қуритилган мевалар экспортини йўлга қўйишни таклиф этди.
Томонлар келажакда мустаҳкам савдо алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олди. Мулоқот якунида Абдулазиз Ал-Қусаир бўлиб ўтган музокарадан мамнунлигини ҳамда “Al Qusaire” билан “BMB Trade Group” компаниялари ўртасида савдо алоқалари янада ривожланиб, бардавом бўлишига умид билдирди.
Ўз навбатида, “BMB Trade Group” тижорат директори М.Дадажонов ҳозирги кунгага қадар амалга оширилган лойиҳалар, жумладан, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида қурилаётган логистика маркази, заъфарон етиштириш бўйича йирик лойиҳа, хорижий ҳамкорлар ва экспорт маҳсулотлари ҳақида қисқача тақдимот ўтказди. Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти ва маҳсулотларнинг юқори сифати, халқаро бозорларда рақобатбардошлиги, қолаверса, экспортни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбирда коронавирус билан боғлиқ вазият халқаро савдога салбий таъсир ўтказгани, мураккаб шароитда ўзаро савдо муносабатларини ривожлантириш борасида фикр алмашилди.
Шунингдек, томонлар Саудия Арабистони билан боғлайдиган қулай транспорт йўлаги йўқлиги сабабли маҳсулот етказиб бериш харажатлари ортаётганини таъкидлади. Шу боис мева ва сабзавотлар экспорти учун ҳаво қатновидан фойдаланиш имкониятларини ўрганиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Тадбир сўнгида қуритилган мевалар экспортини имкон қадар тез фурсатларда амалга оширишга келишиб олинди.