Эндиликда ҳар йили узлуксиз меҳнат мигрантлари яшайдиган ташқи ҳудудларда маданий тадбирлар ўтказилади
Бугун Халқаро пресс-клубнинг "Меҳнат миграцияси: хавфсиз, тартиблилик ва қонунийлик" ҳамда "Суд-тергов фаолияти: адолат, шаффофлик ва инсон ҳуқуқлари кафолати" мавзуларида навбатдаги сессияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда ҳар йили меҳнат мигрантлари яшайдиган барча ташқи ҳудудларда маданий тадбирларни ўтказиш бўйича талаб ва таклифлар мутахассислар томонидан муҳокама қилинди.
“Ташқарида меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирларининг комплекс ҳуқуқларини таъминлаш, улар маданий эҳтиёжларини қондириш масаласи топшириқ қилиб берилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан дастур ишлаб чиқиляпти, консулликлар, элчихоналар ёрдами билан мигрантлар яшайдиган барча ҳудудларда маданий тадбирлар ўтказилади”, деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков.