Ўзбекистон - Россия: кенгайтирилган савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлиги сари
Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов раҳбарлигидаги Ҳукумат делегациясининг Россияга ташрифи доирасида ушбу мамлакат Ҳукумати раиси ўринбосари А.Оверчук билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлиги масалаларининг кенг кўлами муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ишончли муносабатларнинг юқори экани ҳамда турли даражадаги икки томонлама ҳамкорликнинг очиқ ва конструктив хусусият касб этиши қайд этилди. Устувор соҳаларда ижобий муносабатлар йўлга қўйилгани билдирилиб, иқтисодий шериклик ва саноат кооперациясининг янги йўналишларини ишлаб чиқиш аниқ келишувларга эришиш учун юксак истиқболга эга эканлиги тўғрисида ягона фикрга келинди.
Россия ва Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани билан янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва савдо шартномалари тузиш мақсадида вазирликлар, идоралар ва ҳудудий маъмуриятлар раҳбарларининг ҳамда тадбиркорлик вакилларининг ташрифларини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, биргаликда ўтказилиши режалаштирилган қатор тадбирлар, жумладан, II Минтақалараро ҳамкорлик форуми, Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ХХЮК) ҳудудида "Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази"нинг очилиши, Москва шаҳрида "Made in Uzbekistan" миллий кўргазмаси, таълим ва медиа-форумларни юқори савияда ўтказиш мақсадида икки давлат тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.
Россия Федерациясида Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини ташкил этишнинг ошкора механизмларини жорий этишни назарда тутган ҳолда ҳамкор мамлакат ҳудудидаги ўзбекистонлик мигрант фуқаролар фаолияти учун муносиб шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, томонлар амалий ҳамкорлик ва аниқ чораларни амалга ошириш, шу жумладан, тегишли ҳукуматлараро битимларни тезкор равишда тузиш ҳамда меҳнат миграцияси соҳасида махсус механизмларини яратиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Учрашув якунлари бўйича яқин келажакда икки томонлама ҳамкорликни илгари суриш юзасидан амалга ошириладиган қўшма тадбирлар келишиб олинди ва муҳокама этилган йўналишлар доирасида келгусида биргаликда иш олиб бориш бўйича аниқ чоралар белгиланди.