Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Россияда кўп қиррали иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Томонлар сўнгги уч йилда эришилган икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг бугунги даражасига юқори баҳо берди. Шу билан бирга, инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда уни рўёбга чиқариш мақсадида аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун биргаликдаги ишларни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мулоқотда металлургия, энергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, учрашув чоғида нефть кимёси, ёғочсозлик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати каби янги устувор йўналишларни қамраб олиш эвазига саноат кооперацияси соҳасида қўшма ташаббусларни янада қўллаб-қувватлаш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Россия томони стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник регламентлар масалаларини тартибга солувчи ҳуқуқий-меъёрий асосларни ривожлантириш тайёрлигини билдирди. Бундан ташқари, махсус ўқув дастурлари, тренинглар ва семинарлар ташкил этиш орқали Ўзбекистондаги тегишли идоралар кадрлари салоҳиятини юксалтириш ва институционал ривожлантиришга қаратилган комплекс дастурларни амалга ошириш учун молиявий-техник жиҳатдан кўмаклашиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида лойиҳа офисини ташкил этиш тўғрисида Меморандум имзоланди. Офиснинг асосий вазифалари Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси хўжалик субъектлари ўртасида қўшма корхоналар ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг истиқболли соҳаларини аниқлашдан иборат бўлади.