Россия элчиси Владимир Тюрденев: Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар Россия – Ўзбекистон самарали ҳамкорлигида янги уфқлар очди
Россия Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчисидир. Россия Федерацияси 1992 йил 20 мартда Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини тан олган ва шу куни икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар расмий равишда ўрнатган.
Ўзбекистон Мустақиллиги байрами арафасида «Дунё» АА мухбири Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев билан суҳбатлашди.
– Элчи жаноблари, суҳбатимиз Мустақиллик байрами арафасида бўлиб ўтмоқда. Анъанага кўра, ушбу сана арафасида турли йўналишларда эришилган ютуқлар сарҳисоб қилинади. Шу боис бугунги суҳбатимиз Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигида эришилган натижаларга бағишланади. Маълумки, Ўзбекистон ва Россия Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолаш арафасида турибди. Ўзбекистон Президентининг Россияга кутилаётган давлат ташрифи чоғида мазкур ҳужжатнинг имзоланиши режалаштирилган. Ўқувчиларимизга ушбу декларация нимани англатиши, ўзаро муносабатларни янада юқори даражага олиб чиқиш учун қандай ишлар амалга оширилиши ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Ўзбекистон Президентининг Россияга кутилаётган давлат ташрифи мавзусига тўхталар эканман, айтишим мумкинки, мамлакатларимиз раҳбарлари Владимир Путин билан Шавкат Мирзиёев ўртасида самимий муносабатлар ривожланган ва доимий мулоқотлар олиб борилмоқда. Россия-Ўзбекистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш учун изчил, тизимли чоралар кўрилмоқда. Россия Федерацияси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларациянинг имзоланишига эришилиши муваффақиятларимизга яна бир ёрқин мисолдир. Ушбу ҳужжат мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли самарали ҳамкорликда муҳим бўлиб, ўзаро муносабатларни барча соҳаларда ривожлантириш учун замин яратади.
Яқинда россиялик шифокор ва мутахассислардан иборат делегациянинг Тошкентга ташрифи, ўзбекистонлик ҳамкасбларига коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва ўта оғир беморларни даволашда кўрсатаётган ёрдами мамлакатларимиз ўртасидаги Ҳар томонлама стратегик шерикликнинг ёрқин намунасидир. Бу ўзаро ёрдам ва қийин пайтларда бир-бирига кўмак бериш тамойилларига содиқ халқларимиз ўртасидаги биродарлик ришталарига мисол эмасми?
Биз тарихнинг энг оғир синовларини, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши, 1966 йилдаги Тошкент зилзиласини елкама-елка туриб енгиб ўтганмиз. Ишончим комилки, бугунги офат билан ҳам биргаликдаги курашимизни янада кучайтирамиз.
– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иш бошлаган даврдан буён ташқи ва ички сиёсатда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди. Бу ўзгаришлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қанчалик таъсир кўрсатди?
– Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда сиёсий тизимни ислоҳ қилиши, қонун чиқарувчи ва вакиллик органлари ролининг кучайтириши, депутатлар корпуси ва партия тизимида қонунчиликдаги туб ўзгаришлар, "Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари" концепциясини амалга оширилиши ва энг муҳими, жамиятдаги ижобий ўзгаришлар муҳитида Россия – Ўзбекистон самарали ҳамкорлиги учун янги уфқлар очилди.
Парламентлараро ва минтақалараро алоқалар кенгаймоқда. Мамлакатларимизнинг жамоат бирлашмалари ва ноҳукумат ташкилотлари ўртасида алоқаларни фаоллаштириш ва чуқурлаштириш имкониятлари ҳам сезиларли равишда кенгайди. Ўзбекистонда ички сиёсатдаги янгиланишлар натижасида фуқаролик жамияти институтлари янада фаоллашди. Бу эса "Халқ дипломатияси"ни ўзаро тушуниш, ишонч ва дўстликни янада мустаҳкамлашда битмас-туганмас манба сифатида намоён бўлишига ёрдам беради.
Ислоҳотлар нафақат Марказий Осиё минтақасида ишонч муҳитини мустаҳкамлашга, балки Ўзбекистоннинг халқаро фаоллигини оширишга йўналтирилган ташқи сиёсатига ижобий таъсир кўрсатди.
Сўнгги йилларда ўзбекистонлик шериклар БМТ Бош Ассамблеясининг қатор резолюцияларини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. 2019 йил декабрь ойида қабул қилинган “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” резолюцияси шулардан бири. Россия ушбу ҳужжатнинг 50 ҳаммуаллифларидан биридир. Ўз навбатида, Ўзбекистон халқаро ташкилотларда Россия ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг нацизмни улуғлаш, космосга қуролларни биринчи жойлаштиришга қарши кураш ва халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби резолюциялари қабул қилинишида ҳаммуаллиф бўлди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Ўзбекистон Президентининг таклифига биноан ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг ёшларга қўшма мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури қабул қилинди, ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари учрашувларининг янги механизми яратилди. Ўзбекистон ташкилотда минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйишда фаол иштирок этмоқда, Россия томонининг ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасини (МАТТ) ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизликка оид таҳдид ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича универсал марказга айлантириш ғоясини қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги фаолиятидаги иштирокини сезиларли даражада кенгайтирди ва ҳамкорликнинг қатор тармоқ органларига қўшилди. Бу, шубҳасиз, мамлакатларимизнинг ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиради. Бу йил Ўзбекистон МДҲ да биринчи марта раислик қилмоқда.
Биз ўзбекистонлик шерикларнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи сифатида қўшилиш истагини олқишлаймиз. Ишончим комилки, ушбу мақомга эга бўлиш Ўзбекистон учун Евроосиё интеграцияси жараёнини бевосита кузатиб бориш, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар билан яқин алоқаларни ўрнатишнинг мақбул шаклларини аниқлаш имконини беради.
– Бугун Россияда ўзбеклар жуда кўп. Улар, жумладан, вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда, таҳсил олмоқда, бизнес билан шуғулланмоқда ва санъат соҳасида изланиш олиб бормоқда. Шу муносабат билан айтиш мумкинки, миграция ўзаро ҳамкорликнинг устувор ва долзарб масалаларидан бирига айланмоқда. Сизнингча, Ўзбекистон ва Россия ушбу омилдан икки мамлакат равнақи учун қандай қилиб янада самарали фойдаланиши мумкин? Бу борада қандай ечимлар топилган ва қандай муаммолар ҳал этилиши керак?
– Шубҳасиз, бугунги кунда миграция энг нозик ва долзарб масалалардан биридир. Тўғри таъкидлаганингиздек, Россияда ўзбекистонликлар жуда кўп. Турли маълумотларга кўра, улар сони 1,5 миллиондан 2 миллионгача етади ва уларнинг аксарияти вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида. Мигрантлар ва россиялик иш берувчилар дуч келаётган қийинчиликларни ҳисобга олган ҳолда, иш жараёнини оптималлаштириш механизмини яратиш, ходим малакаси ва ўқишини тасдиқловчи зарур ҳужжатларни қайта ишлаш тартибини аниқлаштириш муҳимдир. Шунингдек, ноқонуний иш билан банд бўлганлар сонини камайтириш учун зарур шароит таъминланиши керак. Таъкидлаш жоиз, мамлакатларимизнинг ваколатли идоралари ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўлида доимий иш олиб бормоқда.
Шу билан бирга, бу йил биз янги синов – халқаро транспорт алоқаларини чеклаб қўйган, аксарият компания ва корхоналар фаолиятини тўхтатган коронавирус пандемияси билан тўқнашдик. Шу муносабат билан чет элдаги кўплаб фуқаролар қийин вазиятга тушиб қолди.
Мавжуд шароитни инобатга олган ҳолда, мамлакатларимиз раҳбарлари улар аҳволини яхшилаш бўйича биргаликда қатор чоралар кўрмоқда. Хусусан, Россия Президенти Владимир Путин миграция ҳужжатларининг амал қилиш муддатларини узайтириш, патент учун ойлик тўлов, мамлакатда бўлиш тартибини бузганлик учун жарима, шу жумладан, ҳужжатларнинг муддати ўтганлиги учун жаримага тортишни бекор қилишга оид фармонни имзолади.
Карантинга қарамай, Россия Федерациясида бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базаси мунтазам равишда янгилаб турилибди. Натижада ишдан айрилган муҳожирлар ўзлари учун янги иш топиш имконига эга бўлмоқда. Бундан ташқари, уйга зудлик билан қайтишга зарурати бор фуқаролар учун мамлакатларимиз авиакомпаниялари томонидан чартер рейслар мунтазам ташкил этилмоқда.
– Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида сизда алоҳида таассурот уйғотган қандай жиҳатларни қайд этишни истардингиз?
– Ўзбекистон шарқона қараш ва бой маданий меросни мамлакатнинг замонавий тарихий ютуқлари билан уйғунлаштирган давлат.
Ажойиб тоғ манзаралари, мўл-кўл мева ва сабзавотлар, тандирда ёпилган ноннинг хушбўй ҳиди, бетакрор ўзбек таомлари ва, албатта, самимий инсонларнинг меҳмондўстлиги – буларнинг барчаси Ўзбекистонда бўлганларни бефарқ қолдирмайди.
Шу боис мен барчага карантин чекловлари олиб ташланиб, чегаралар очилгач, Ўзбекистонга ташриф буюришни, ушбу ажойиб мамлакатнинг бой ва ранг-баранг маданиятидан баҳраманд бўлишни тавсия қиламан.
– Мустақиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригингиз.
– Ўзбекистон халқини мамлакат фуқароларини миллий бирлигининг ёрқин рамзи бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллиги куни билан чин қалбимдан қутлайман!
Барчангизга сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва тинчлик йўлида хизмат қиладиган барча ташаббуслар рўёбини тилаб қоламан. Ҳар бир оилага тинчлик, фаровонлик ва барака инсин!