Италиянинг Пезаро ва Урбино провинциялари билан истиқболли ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди
Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров Пезаро ва Урбино вилоятларига сафари чоғида Пезаро шаҳри кенгаши президенти Марко Перужини ва ушбу шаҳарнинг вице-мери Даниле Вимини, А.Чекки номидаги Қишлоқ хўжалиги, агротехника ва саноат техник институти вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Пезаро шаҳри раҳбарлари 2019 йил ноябрь ойида имзоланган икки шаҳар ўртасидаги ҳамкорлик шартномаси доирасида Гулистон шаҳри (Сирдарё вилояти) билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади. Таъкидланганидек, Италия ва Ўзбекистонда карантин чоралари сабаб делегациялар алмашинуви ва қўшма тадбирларни ўтказиш режасига ўзгартириш киритишга тўғри келди.
Шаҳар вице-мери Даниле Вимини чекловлар олиб ташланганидан сўнг Италия томони маданият, таълим, туризм, спорт ва иқтисодиёт соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, Пезаро шаҳрида ушбу соҳаларда ҳар йили қатор миллий ва халқаро тадбирлар ўтказилиб, унда Ўзбекистон вакиллари иштирок этади.
Хусусан, 2019 йил август ойида бўлиб ўтган Италия ва халқаро жамоатчилик эътиборидаги машҳур "Россини опера фестивали"да Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов фестивалнинг 40 йиллик тарихида илк бор "Реймсга саёҳат" операсида саҳнага чиқди.
Шу нуқтаи назардан, шаҳар кенгаши президенти Марко Перужини Пезарода жойлашган Жоаккино Россини номидаги мусиқий консерваторияси билан Ўзбекистон давлат консерваторияси ўртасида алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш мумкинлигини таъкидлади. У қайд этганидек, Пезаро дунёга машҳур италиялик бастакор Жоаккино Россини туғилган ва ишлаган шаҳар бўлганлиги сабабли мусиқа соҳасида ҳамкорликнинг муҳим қисми бўлиб, халқаро алмашинувни ривожлантиришда ўзига хос ўринга эга.
Бундан ташқари, Даниле Вимини ўзбекистонлик киноижодкорларни 2021 йилда Пезарода бўлиб ўтадиган халқаро кинофестивалда иштирок этиш имконияти ҳақида маълумот берди. Ушбу тадбир Италиядаги кинематография оламидаги энг кўзга кўринган воқеалардан бири бўлиб, янги истеъдодларни аниқлаш ва кино саноатида инновацион йўналишларни кашф этишга хизмат қилади. Фестиваль доирасида янги кино халқаро кўргазмаси, конференция ва маълум мавзуга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, Марко Перужини карантинни юмшатилган тақдирда ноябрь ойида Пезаро шаҳрида бўлиб ўтадиган "Rossini Gourmet" гастрономик санъат фестивалида Ўзбекистон вакилларининг миллий стендда иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу Италия ва чет эл жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистоннинг гастрономик туризми анъаналарига қаратишга имкон беради.
Мулоқот чоғида сайёҳлик таълими соҳасида ҳамкорлик истиқболлари ҳам қайд этилди. Хусусан, "Santa Marta" меҳмонхона ва ошхона мутахассислари институти билан Сирдарё ёки республиканинг бошқа минтақасидаги ихтисослаштирилган ўқув муассасаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласи кўриб чиқилди.
А.Чекки номидаги Қишлоқ хўжалиги, агротехника ва саноат техник институти вакиллари карантин тартиблари енгиллаштирилганидан сўнг Гулистон давлат университети билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон делегациясининг Пезарога сафарини ташкил қилишга тайёр эканликларини билдиришди. Қайд этилганидек, пандемия сабаб ушбу сафарни баҳор ойида амалга оширишнинг имкони бўлмади.
Италия институти Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги 1-мактаб билан имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини амалда бажаришга тайёрлигини тасдиқлади. Хусусан, бу ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма ўқув дастурлари ва услубий қўлланмалар яратиш, шунингдек, семинар ва тренинглар ўтказишни назарда тутади.
Иқтисодий масалаларда Даниле Вимини мебель ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик истиқболларини қайд этди. Унинг фикрига кўра, ушбу саноат Пезаро ва Урбино провинцияларида энг ривожланган ва унда ишлайдиган компаниялар ўз фаолиятини янада кенгайтиришдан манфаатдор.
Пезарода мебелсозлик машҳур маҳаллий ишлаб чиқариш тизимларидан биридир. Италияда ишлаб чиқариладиган мебелларнинг 7 фоизи Пезаро ҳудудига тўғри келади. «Scavolini», «Berloni» ва «Febal Casa» каби етакчи компаниялар туфайли модулли ошхоналар учун мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 14-15 фоизга етади.
Шу муносабат билан, у Пезаро шаҳридаги “Cosmob” технология маркази билан алоқа ўрнатишни таклиф қилди. Марказ мебель ишлаб чиқариш соҳасида 30 йилдан ортиқ тажрибага эга, инновацион ва технологик ечимларни ишлаб чиқади ва амалга оширади, шунингдек, касбий маҳоратни ошириш бўйича ўқув тадбирларини ташкил қилади.
Учрашув якунида юқорида кўрсатилган йўналишларда Ўзбекистон билан Италия манфаатдор томонлари ўртасида ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олиш мақсадида қатор видеоконференциялар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.