Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Парламентлар спикерларининг V жаҳон конференциясида иштирок этди
Вена шаҳрида (Aвстрия) 19 – 20 август кунлари ўтказилган халқаро парламент ҳаётига оид муҳим тадбир – Дунё парламентлари спикерларининг V конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Спикерлар жаҳон конференцияси ҳар беш йилда бир марта ўтказилади ҳамда энг юқори даражадаги парламент мулоқоти ва ўзаро ҳамкорлик учун дунё миқёсидаги ноёб форум ҳисобланади.
Ўзбекистон парламенти раҳбариятининг мазкур форумдаги иштироки мамлакатимизга самарали парламент бошқаруви орқали инсонлар ва сайёрамиз тинчлиги ҳамда барқарор ривожланишини таъминлаш масалалари бўйича бошқа давлатлар парламентлари аъзолари билан фикр алмашиш имконини берди.
Аввалроқ Ўзбекистон парламенти томонидан форумнинг ташкилий қўмитасига мамлакатда парламентаризмнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболларини очиб берувчи материаллар, мамлакатимиз фуқароларини ташвишга солаётган долзарб масалалар рўйхати, жумладан, Ўзбекистонда коронавирус эпидемиясининг салбий оқибатларини бартараф этиш амалиёти тўғрисидаги ахборот тақдим этилган эди.
Иштирокчилар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат органларининг мамлакатимизни CОVID-19 натижасида юз бериши мумкин бўлган янада салбий оқибатлардан ҳимоя қила олган тезкор, кенг кўламли ҳаракатларини юқори баҳолади.
Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистонда фуқаролар иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий фаоллик, бизнес ҳамда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Бешинчи конференция якунига кўра, инсонлар ва сайёрамизга тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлайдиган янада самарали кўп томонлама ҳамкорлик учун Парламент пешқадамлиги тўғрисидаги декларация қабул қилинди.