Ҳиндистон молиявий тузилмалари иштирокида Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистоннинг қатор вазирлик билан идоралари Ҳиндистон Эксимбанки вакиллари ўртасида икки мамлакат дипломатлари иштирокида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Музокаралар чоғида Ҳиндистон Эксимбанки мутахассислари банк фаолиятининг йўналишлари, шу қаторда турли хил ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш соҳасидаги халқаро шериклар (давлатлар, банклар ва бошқалар) билан ҳамкорлик бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашди. Улар доирасида Ҳиндистон банки иштирокида Ўзбекистонда ижтимоий аҳамиятга молик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди. Жумладан, таълим, уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва бошқа соҳаларда қўшма дастурлар амалга оширилиши мумкин.
Музокаралар якунида бундай маслаҳатлашувларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди.
Таъкидлаш жоиз, Ҳиндистон Эксимбанки Ўзбекистоннинг азалий шериги бўлиб, унинг иштирокида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бошқа лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ҳиндистон Эксимбанки кичик ва ўрта бизнесни экспорт кредити соҳасидаги етакчи давлат банкидир. Молия муассасасининг кредит линиялари маҳсулотлар, хизматлар, технологиялар ва ускуналар экспортини қўллаб-қувватлашнинг асосий молиявий механизми ҳисобланади. Улар чет эл ҳукуматлари, миллий ва минтақавий ривожланиш банклари, хорижий молиявий институтлар ва тижорат банклари фойдасига очилиши мумкин.