Ўзбекистон Президенти Бектемир туманидаги янги қўшма корхона фаолиятини кўздан кечирди
Президент Шавкат Мирзиёев бугун Бектемир туманидаги “Prof- Milk” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизда чорвачилик билан бирга гўшт ва сутни қайта ишлаш тармоғи комплекс ривожлантирмоқда. Хусусан, бугунги кунда сутни қайта ишловчи 600 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда тайёрланаётган сара маҳсулотлар элимиз дастурхонидан жой олди, хорижга ҳам экспорт қилиняпти.
“Prof-Milk” қўшма корхонаси шу ойда ишга туширилди. Лойиҳа қиймати 3 миллион доллар бўлган ушбу мажмуа Швейцариянинг “Tanotrade” компанияси ва «Toshelektroapparat» хусусий корхонаси ҳамкорлигида замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Бу ерда 50 киши иш билан банд.
Бу ерда 1,5 минг тонна маҳсулот, пишлоқнинг 10 га яқин тури ишлаб чиқарилади. Жорий йилда эса эритилган пишлоқ бу қаторни тўлдириши режалаштирилган.
Президентимиз ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Корхонани барқарор хомашё билан таъминлаш, маҳсулотлар турини кўпайтириб, янги бозорларни ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу ерда «BARTEC TRADE» компанияси томонидан импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш лойиҳаси тўғрисида маълумот берилди.