Германия ва Австрия туркомпаниялари вакиллари билан видеомулоқот ўтказилди
20 август куни Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси кўмаги ва «BZ.COMM» PR-компаниясининг (Германия) қўллаб-қувватлаши остида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов ҳамда Ўзбекистон, Германия ва Австрия туристик компанияларининг 90 дан ортиқ вакиллари иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.
Тадбир туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, республикамиз ташриф буюрувчи европалик сайёҳлар оқимини қайта йўлга қўйиш ва уларнинг сонини кўпайтириш, шунингдек, туризм соҳасини тиклашга доир тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди.
Видеоконференцияда шунингдек, Германия, Австрия ва Швейцариянинг 12 йирик ОАВ вакиллари, хусусан, RTL телекомпанияси, RTL, Die Welt, Frankfurter Allgemeine Zeitung, Frankfurter Neue Presse, Berliner Morgenpost газеталари, Focus, time4you журналлари вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.
Хорижий ҳамкорлар ва ОАВ вакилларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, қадимий шаҳарлари, маданий ва тарихий объектлари, дам олиш масканлари, гастрономияси, ҳунармандчилиги, шунингдек, сайёҳларнинг республикада бўлиши учун яратилган қулайлик ва шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Учрашув қатнашчилари республикада коронавирус пандемиясининг зарарли таъсирини камайтириш мақсадида туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш йўлида кредит ва солиқ таътиллари, субсидиялар ва грантлар тақдим этиш каби чора-тадбирларга ҳамда чет эллик сайёҳларни юқори даражадаги санитария-эпидемиологик хавфсизлигини таъминлаш масалаларига катта қизиқиш билдиришди.
Хусусан, тадбир иштирокчиларига сайёҳларнинг хавфсизлиги учун энг юқори халқаро талабларга жавоб берувчи “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” (“Ўзбекистон. хавфсиз саёҳат кафолатланган”) санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг янги тизими асосида Ўзбекистонда халқаро туризмни қайта тиклаш режаси тақдим этилди. Мулоқот доирасида сайёҳлик компаниялари ўртасида алоҳида ялпи сессия ташкил этилди, унда томонлар ҳамкорликни ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишди, сайёҳлар алмашинувини тиклаш бўйича фикр алмашишди.
Тадбир якунига кўра, томонлар ушбу мулоқот форматини доимий равишда давом эттиришга келишиб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси