ШҲТга аъзо давлатлар ТИВ раҳбарларининг учрашуви тўғрисида
2020 йил 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг видеоконференция форматидаги навбатдан ташқари мажлисида иштирок этди.
Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, ШҲТ бош котиби ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори янги коронавирус инфекцияси (COVID-19) пандемияси шароитидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Коронавирус оқибатларига қарши курашиш ва унинг ШҲТ давлатлари ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсирини юмшатишнинг долзарб вазифалари юзасидан фикр алмашилди.
Пандемияга қарши курашиш бўйича зарур чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ташкилотга аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада такомиллаштириш ва мазкур соҳадаги ШҲТнинг амалдаги механизмлари ишни фаоллаштиришнинг зарурлигини қайд этдилар.
Пандемиядан кейин дунё иқтисодиётида кузатиладиган катта ўзгаришлар нуқтайи назаридан савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлисда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва унинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Тадбир иштирокчилари Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бир-бирларини қутладилар ҳамда дунёни фашизмдан қутқаришга жасур жангчилар ва фронт орти меҳнаткашларининг қўшган ҳиссасини қайд этдилар. Шу нуқтайи назардан Вазир А.Камилов иштирокчиларга Ўзбекистонда ушбу муҳим санани кенг нишонлаш бўйича махсус дастурни амалга ошириш жараёни тўғрисида маълумот берди.
Учрашув якунида Коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалиши муносабати билан ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг баёноти қабул қилинди.