МДҲ Иқтисодий кeнгаши қошидаги Иқтисодий масалалар бўйича комиссияси мажлисида 21 та қарор қабул қилинди
Ўзбекистон раислигида чоршанба куни Москва шаҳрида МДҲ Иқтисодий кенгаши қошидаги Иқтисодий масалалар бўйича комиссиянинг мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, тадбирда МДҲ иштирокчи мамлакатларининг ваколатли вакиллари ҳамда тегишли дипломатик миссиялар ва МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ 21 та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мажлис доирасида «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 2020 йилгача бўлган даврда Иқтисодий ривожланиш стратегияси амалга оширилишининг асосий якунлари тўғрисида ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 2030 йилгача бўлган даврда Иқтисодий ривожланиш стратегиясининг биринчи босқичини (2021-2025 йиллар) амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси лойиҳаси тўғрисида», «МДҲ иштирокчи мамлакатларининг 2030 йилгача бўлган даврдаги давлатлараро инновацион ҳамкорлик дастури лойиҳаси тўғрисида», «МДҲ иштирокчи мамлакатларининг жамиятни рақамли ривожлантириш соҳасидаги ахборот ҳамкорлиги ҳақидаги битим лойиҳаси тўғрисида»ги дастурий ҳужжатлар муҳокама қилинди ва тасдиқланди.
МДҲ иштирокчи мамлакатларининг 2030 йилгача бўлган даврда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги Ҳамкорлик дастури ва унинг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси (2021-2025 йиллар) лойиҳалари ҳамда бошқа қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Комиссия томонидан тасдиқланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Иқтисодий кенгаш ва МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашига юборилади.